⚡️Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 2022 йил октябрь ойидан бўлимлар хўжалик ҳисобига ўтгани, натижада олий тоифали ва кўп йиллик стажга эга шифокорлар кам миқдорда ойлик маош олаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Президентимизнинг соҳага доир тегишли фармон ва қарорлари, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 11 апрелдаги 150-сонли ҳамда 2019 йил 3 декабрдаги 293-сонли буйруқлари асосида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг хўжалик ҳисобидан топилган пул маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланган.
Унга кўра, ҳозирги кунда клиника бўлимлари бюджет, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва пуллик хизмат орқали молиялаштириб борилмоқда. Бюджет бўйича иш ҳақи белгиланган тартибда тарификация асосида тўланади. Клиниканинг жамоа шартномасига мувофиқ, пуллик хизматдан тушган маблағларнинг 40 фоизгача қисми иш ҳақи ва ажратмалар учун йўналтирилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи фонди пуллик хизмат кўрсатадиган бўлимлар учун тушган тушумнинг 30-35 фоизини, маъмурий-хўжалик ходимлари учун эса 5-10 фоизини ажратади.
Бўлим ўзининг улушини ходимларнинг пуллик хизматга қўшган улушига қараб тақсимлайди. Бу жараёнларга ташқаридан аралашувларга мутлақо йўл қўйилмайди. Клиникада ташкил этилган махсус Ишчи гуруҳ ҳар ой давомида бўлимлар томонидан туширилган умумий пул маблағларининг тўғри тақсимланишини тасдиқлаб боради.
Агар бўлимлар ой давомида ўз юкламасини тўлиқ бажарса, тарификацияда белгиланган иш ҳақи фондини ташкил қилади. Бироқ юклама тўлиқ бажарилмаганда, иш ҳақи фонди ўз-ўзидан камаяди.
Бундан ташқари электрон ордер орқали кўрсатилган хизматлар ҳам пуллик хизматларга тенглаштирилган бўлиб, унинг тўловлари пуллик хизматдан тушган маблағлар каби тақсимланади. Бу эса ходимларни моддий рағбатлантиришда яна бир муҳим омил ҳисобланади.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси