Матбуот маркази

Янгиликлар

Офтоб уриши — ҳаёт учун хатарли

Офтоб уриши — ҳаёт учун хатарли

Мана, ёз фаслининг илк ҳафтаси. Ҳадемай жазирама кунлар бошланади. Чунки саратон чилласи яқин. Бундай паллаларда эса қуёш нури саломатлигимиз учун акс таъсир этиши маълум.

Хўш, офтоб тиғи остида қолиш қандай хавфли асоратларни келтириб чиқаради? Бунинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим раҳбари Дилором Турсунова билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

— Одатда, ёзни мароқли ўтказиш учун кўпчилик табиат қўйнига, сув ҳавзалари бўйига ошиқади, — дейди мутахассис. — Бундай завқли онларда қуёш нури остида узоқ вақт бўлиш турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Инсон терисининг куйиши ёки иссиқ уриши улар орасида энг хавфлиси. Чунки офтоб кўзимиз илғай олмайдиган инфрақизил ва ультрабинафша нурларни ҳам ўз ичига олади. Уларнинг меъёридан ортиғи эса организм учун зиён.

Хусусан, ультрабинафша нурларининг давомий таъсири даставвал катарактага, бора-бора кўз нурлари бутунлай йўқолишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, айни шу омил туфайли тери саратонининг юзага келиши хавфи ҳам мавжуд.

Қолаверса, офтоб уриши натижасида бош мия фаолиятининг бузилиши кузатилади. Бундай вазиятда қизиган тана ўзини етарли даражада совута олмай қолади.

Оқибатда ҳаддан зиёд кўп терлаш туфайли қон айланиш тизими фаолияти издан чиқади. Яъни томирлар кенгайиб, танада қон айланиши жараёни секинлашади. Бу бош мия фаолияти учун зарарлидир.

Офтоб уриши бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳолсизлик каби белгилар билан намоён бўлади. Намлик даражаси юқори атмосферада эса ушбу аломатлар янада кучайиши мумкин.

Масалан, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши, кўз қорачиғи кенгайиши, қусиш, кучли бош оғриғи, қулоқ битиши, чайқалиб юриш кузатилади. Вақти-вақти билан ҳушдан кетиш, бурундан қон келиши, тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши ҳам шундай симптомлар сирасидан.

❗️Оғир ҳолатларда эса юзлар қизариб, кейин оқ ва кўкимтир тусга киради, мушаклар тортишади. Беморда алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати 41-42 даражагача юқорилаб, чуқур беҳушлик ҳолати ривожланади. Энг аянчлиси, оғир даражадаги офтоб уриши 20-30 фоиз ҳолатларда ўлим билан якун топади.

Семизлик, гипертония, юрак туғма нуқсонлари, эндокрин касалликларидан азият чекувчилар учун жазирама офтоби, айниқса хавфли. Қолаверса, янги туғилган чақалоқлар, кекса ёшли инсонлар, кашандалар, стресс ҳолатидаги кишиларда қуёш уриши аломатлари кучайиб кетиши мумкин.